Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар:
«Лаззат (роҳат)ларни кесувчи (ўлим)ни эслашни кўпайтиринглар» (Имом Термизий ривояти).
Ўлимга тайёргарлик кўриш гуноҳлардан тийилиш, тоат-ибодатга киришиш билан бўлади[8]. Аллоҳ таоло бундай деган:
«Бас, кимки Парвардигори билан мулоқотда бўлишдан умидвор бўлса, у ҳолда эзгу амал қилсин ва Парвардигорига ибодат қилишда ҳеч кимни (Унга) шерик қилмасин!» (Каҳф сураси, 110-оят).
Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қабр ковлаётган кишиларни кўриб, йиғлаб юбордилар. Ҳатто соқоллари ҳўл бўлди. Кейин бундай дедилар: “Эй биродарларим, мана шу учун тайёргарлик кўринглар” яъни, ўлимга ҳозирлик кўринглар) Имом Ибн Можа ривояти, исноди ҳасан
11 янв 2021