Улуғларимиздан бўлган Суфён ас-Саврий роҳматуллоҳи алайхи айтган эканлар: «Шахватдан бўлган хар бир гуноҳнинг кечирилиши умид килинади ва кибрдан бўлган гуноҳнинг хар қандайи, кечирилиши умид қилинмайди. Чунки Шайтон алайҳи лаънанинг гуноҳи, асли кибрдан ва Одам алайҳиссаломнинг адашиб қолиши, асли шахватдан эди». Дарҳақиқат Одам ато алданиб гуноҳкор бўлди, Шайтон лаъин бўлса Аллоҳнинг хузурида, ҳамма нарсани кўра-била туриб Яратганга исён қилди, яни кибр қилиб Яратганнинг буйруғидан юз ўгирди ва ўзини Одам алайҳиссаломдан олий санаб кофирлардан бўлди. (Бақара 34) Ваҳоланки кимни нимадан яратиш ва кимга қандай мартаба бериш буюк Роббимизнинг ўзининг ишидир. Парвардигорнинг наздида ўт ҳам, ер ҳам махлуқдир (яратилгандир). Ким ўз фикрига суяниб ўзини бошқалардан устун қўяр экан қаттик адашади. Чунки ҳамманинг ўзига яраша устунлиги бор. Мисол учун, кишининг илм эгаси бўлиши, бадавлат одамнинг бойлиги, кимнингдир насл-насаби, яна бировнинг обрўси ва ҳоказо, лекин биз, бу фазилатимиз Яратганнинг наздида аҳамиятсиз эканлигини билмаймиз, худди Шайтон алайҳи лаъна ўзининг ўтдан яралганлиги Робби таолонинг хузурида ҳеч қандай эътибори ва аҳамияти йўқлигини билмаганидек. Қолаверса кўпинча биз ўзимиздаги яхшиликни, яхши ва суюкли бўлганлигимиз учун берилган деб ўйлаймиз, ваҳоланки биз синов дунёсида эканимиз ёдимиздан кўпинча кўтарилиб қолади. Азизлар фазилат ва яхшиликни Аллоҳдан деб, камчиликларимизни ўзимиздан деган динимизнинг энг оддий кўрсатмасида бўлсак адашмаган бўламиз. Аллох ҳаммамизни кечирилмайдиган гуноҳ, кибрдан ва у аралашган барча ёмонликлардан асрасин амийн.
2 окт 2020