"Мозийга саёҳат" кўрсатуви
"Ўзбекистон тарихи" телеканали
Қирққиз ҳеч бир муболағасиз, наинки мамлакатимизнинг, балки Марказий Осиёнинг машҳур меъморий ёдгорлигидир. Унинг машҳурлиги шундаки, қурилиш услуби такрорланмас ва ўзига хос тарҳга эга. Тўғри тўрт бурчакли, икки қаватдан иборат, тўрт томонида тўртта буржи (дарвозаси) бўлган нодир ва мустаҳкам ёдгорликдир. Шу боис тарихчилар ва археологлар VI-асрдан XV-асргача қурилиши давом этган, деган тахминий хулосаларни қолдирган бўлиши эҳтимолдан холи эмас.
Ашёвий далилларга суянадиган бўлсак, Қирққиз меъморий ёдгорлиги қачон барпо этилганлиги ҳақида археолог-олима Елизавета Некрасова ўтган асрнинг етмишинчи йилларида обида атрофида қазишма ишларини олиб бориб, топилган манбаларга асосланган ҳолда ёдгорлик XIV-XV асрларда қурилган, деган маълумотни баён этганди. 2016 йил республика маданият вазирлиги тасарруфидаги маданий мерос ёдгорликларини сақлаш ва улардан фойдаланиш бош илмий ишлаб чиқариш бирлашмаси ҳомийлигида Қирққиз ёдгорлиги айвонида қазишма ишларини олиб борган археолог олим Тўхташ Аннаев бошлиқ гуруҳ топилган манбалар, хусусан, XIV-XV асрларда темурийлар томонидан зарб этилган тангалар, шунингдек, сопол буюмларга таяниб, ёдгорлик XIV-XV асрларда барпо этилган мустаҳкам иншоот, деган хулосага келишди.
Бунинг исботини 1333 йилда (XIV асрнинг ўттизинчи йиллари) юртимизда бўлган машҳур араб сайёҳи Ибн Батута фикрлари ҳам тасдиқлайди: “Чингизхон бошчилигидаги мўғуллар Термизни вайрон қилгач, янги шаҳарни қисқа фурсатда эски Термиздан икки чақирим нарида, шарқ томонда қурдилар”.
Демак, фикримизча, айни ўша пайтларда Термиз ҳокимларининг маъмурий қароргоҳи сифатида Қирққиз меъморий ёдгорлиги ҳам барпо этилган.
Ҳар бир манба, меъморий ёдгорлик ҳақида ёшларга тушунча бераётганимизда, уларнинг тарихига илмий жиҳатдан ёндошмоғимиз лозим. Токи ёшларимиз ишонишсин, тарихимизга қизиқишсин. Тарихчи ва археологларнинг бугунги асосий вазифаси эса халқимизнинг XV асрга оид ёдгорлигини ҳозирги ҳолатда сақлаб қолишга эришишдир.
28 мар 2021