Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ҳижрий-қамарий тақвимнинг саккизинчи ойи Шаъбондир. Бу ойга боғлиқ бир қанча маълумотлар бор. Улардан баъзиларини эътиборингизга тақдим этишга ижозат бергайсиз.
Бу борада асосан Шаъбон ойида нафл рўза тутиш ва мазкур ойнинг ярмига етгандаги кеча фазли ҳақида сўз боради.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Рамазон олдидан бир, икки кун олдин рўза тутманглар. Магар бир кишининг одатидаги рўза бўлса тутсин», дедилар. Бешовлари ривоят қилган.
Сунан эгалари ривоятида: «Қачон Шаъбон ярмига етса рўза тутманглар», дейилган.
Аҳли китоб бўлмиш кофир қавмлар ўзларига фарз қилинган рўзанинг қайси кун бошланишига шубҳа қилиб, бир-икки кун олдин тутишар, оқибатда нафл ибодат билан фарз ибодатни аралаштириб юборишар эди.
Исломда бунга ўхшаш иккиланиш, нафл ва фарзларни аралаштириб юбориш ишларига рухсат йўқ. Мусулмонлар ҳар бир ибодатни жазм билан, азму қарор билан, нафлни нафл ўрнида, фарзни фарз ўрнида адо этишлари лозим.
Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон киришидан олдин бир-икки кун қолганда рўза тутишдан қайтарганлар.
Аммо бир одам маълум кунларда, мисол учун, душанба ва пайшанба кунларда нафл рўза тутиб юришга одатланган бўлсаю, ўша кун Рамазондан олдинги кунларга тўғри келиб қолса, тутса бўлаверади.
Шунингдек, баъзи бир кишилар назр рўза ният қилиб қўйган бўлса, улар ҳам ўша назр рўзани тутса бўлаверади.
Юқорида зикр этилган сабабларга биноан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «қачон Шаъбон ярмига етса рўза тутмаганлар», деган ҳадисларига амал қилиб, Шаъбон ойининг ўн олтинчи кунидан бошлаб то Рамазони шариф киргунча нафл рўза тутиш макруҳ бўлади.
Одамлар ичида ушбу тафсилотларни яхши тушунмаганлик оқибатида Шаъбон ойида рўза тутиб бўлмас экан, деган тушунча юзага келган. Аслида эса гап Шаъбон ойининг иккинчи ярмида эканини билиб олдик. Шаъбон ойининг аввалида рўза тутиш масаласини эса, келажак ҳадисларни ўрганиш жараёнида, иншааллоҳ, билиб оламиз.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни Рамазондан бошқа ойнинг рўзасини тўлиқ тутганларини кўрмадим. Шаъбонда тутганчалик кўп рўза тутганларини ҳам кўрмадим. Унинг фақат озгинасининг рўзасини тутмас эдилар. Балки, ҳаммасини тутар эдилар, десак ҳам бўлаверади». Тўртовлари ривоят қилган.
8 сен 2024