Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 29 ноябрь куни қишлоқ хўжалигида сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва йўқотишларни камайтириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
Мамлакатимиздаги сув ресурсларининг 20 фоизи ўзимизда, катта қисми қўшни давлатларда шаклланади. Иқлим ўзгариши оқибатида сув манбалари йил сайин камайиб бормоқда. Трансчегаравий дарёларни бошқариш бўйича вазият ҳам жиддий. Буларнинг таъсирида 2030 йилга бориб юртимиздаги сув танқислиги 15 миллиард куб метрга етиши прогноз қилинаяпти.
Лекин шу ҳолатда ҳам сувдан самарасиз фойдаланилаяпти. Мамлакатимиздаги жами сув ресурсининг 90 фоизи қишлоқ хўжалигида сарфланаяпти. Масалан, юртимизда бир гектар пахта майдонини суғориш учун йилига 10-11 минг кубметр сув сарфлангани ҳолда, иқлими ва ери бизникига ўхшаш мамлакатларда бундан 2-3 баравар кам сув ишлатилаяпти. У ҳам бўлса, сувни тўғри бошқариш, исроф қилмаслик ҳисобига.
Сув хўжалигига ҳар йили ўртача 1 миллиард доллар маблағ йўналтирилмоқда. Бу соҳа бюджетдан маблағ олиш бўйича таълим, соғлиқни сақлаш ва қишлоқ хўжалигидан кейин 4-ўринда туради. Аммо тизимда ҳисоб-китоб тўғри йўлга қўйилмагани, сув ресурсларини бошқаришда эскича ёндашувлар сақланиб қолгани учун самара кам.
Йиғилишда бу соҳадаги муаммолар, янги ташаббус ва вазифалар муҳокама қилинди. Давлатимиз раҳбари бир йил давомида сувни тежаш бўйича фавқулодда иш тизимига ўтилишини таъкидлади.
Бунда биринчи муҳим вазифа - канал ва ариқларни бетонлаш. Ҳисоб-китобларга кўра, бетонланмаган ирригация тармоқларида йилига ўртача 14 миллиард куб метр ёки 36 фоиз сув ҳеч қандай иқтисодий самарасиз исроф бўлаяпти. Энг кўп сув йўқотишлари Қорақалпоғистон Республикаси, Наманган, Навоий, Хоразм ва Бухоро вилоятларига тўғри келади. Каналларнинг охирида жойлашган 175 минг гектар экин майдонида сув таъминоти жуда оғир.
Умуман, сув йўқотишлари оқибатида иқтисодиётимизда йилига 5 миллиард доллар даромад бой берилаяпти.
Шу боис сув хўжалигида “каналларни бетонлаш бўйича зарбдор йил” эълон қилинди. Келгуси йилда 1 минг 500 километр, яъни бу йилгига нисбатан 4 баробар кўп йирик каналларни бетонлаш вазифаси белгиланди. 2025 йилдан бошлаб камида 2 минг километрдан каналларни бетонлашга ўтилади.
Бунинг учун ноябрь-март ойлари энг қулай вақт экани, лойиҳаси тайёр каналларда қурилишни ҳозирдан бошлаш кераклиги қайд этилди. Вилоят ва туман ҳокимларига бир йил ичида 3 минг 500 километр ички тармоқларни бетон қопламага ўтказиш топширилди. Бундан манфаатдор кластер ва фермерларга махсус техника ва қурилиш материалларидан ёрдамлашиб, харажатларни 2 карра камайтириш мумкинлиги айтилди.
Иккинчи муҳим вазифа - сув тежовчи технологияларни жорий қилиш.
Мамлакатимизда 4,3 миллион гектар суғориладиган ер бўлиб, шундан 30 фоизига сув тежовчи технологиялар жорий қилинган. Бундай кластер ва фермер хўжаликларида сув 30-40 фоизга, ўғит ва ёқилғи 25-30 фоизга тежалиши билан бирга ҳосилдорлик ошган.
28 ноя 2023