Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 9 ноябрь куни пахта-тўқимачилик кластерлари фаолиятини такомиллаштириш, қишлоқ хўжалиги тармоқларини қўллаб-қувватлаш ва ҳосилдорликни ошириш чора-тадбирлари муҳокамаси бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Дунёдаги бугунги зиддиятлар, савдодаги чекловлар иқтисодиётда ўз аксини топмай қолмайди. Жумладан, бу омиллар озиқ-овқат ва тўқимачилик экспортига салбий таъсир қилди. Бу вазиятда энг тўғри йўл - қишлоқ хўжалигида ҳосилдорликни кескин ошириш ҳисобига таннархни камайтириш, чуқур қайта ишлашга ва қўшилган қиймат яратишга кўпроқ инвестиция жалб қилиб, экспортни кўпайтиришдир.
Шу боис йиғилишда қишлоқ хўжалигини янгича ёндашувлар, ташкилий ва молиявий воситалар орқали қўллаб-қувватлаш чоралари муҳокама қилинди. Давлатимиз раҳбари ҳар бир тармоққа алоҳида тўхталиб, янги таклиф ва ташаббусларни айтди.
Таҳлилларга кўра, бу йил 41 та пахта-тўқимачилик кластерида ҳосилдорлик 40 центнердан ошган бўлса, 9 тасида 30 центнердан кам бўлган. Ҳосилдорлик пастлиги ва таннарх юқорилиги оқибатида Жиззах, Қашқадарё, Наманган, Самарқанд ва Тошкент вилоятларида рентабеллик 10-11 фоиздан ошмаган.
Шароит ва изланиш бўлса, яхши тажрибалар ҳам бор. Масалан, Навоий вилоятидаги “Навбаҳор” кластери хориждан олиб келган янги пахта нави ўртача 70 центнердан ошиқ ҳосил бераяпти. Унинг таннархи, дейлик, Жиззахдагига нисбатан қарийб икки баробар арзонга айланаяпти.
Шу боис пахта уруғчилиги бўйича янгича ёндашувлар кўрсатиб ўтилди. Унга биноан, келгуси йили ҳар бир вилоятдаги балл бонитети паст, суғориш қийин бўлган ва ҳосилдорлиги 30 центнердан ошмайдиган 1 тадан туманда 70-80 центнердан юқори ҳосил берадиган пахта уруғини четдан олиб келишга рухсат этилади. Шунингдек, 30 центнердан паст ҳосил бераётган навларни экиш тўхтатилиб, уруғчилик институтлари томонидан ишлаб чиқилган янги серҳосил навлар билан алмаштирилади.
Бу соҳадаги яна бир долзарб масала - айрим кластер ва фермерлар ўртасида ҳисоб-китоб интизоми бузилган. 122 та кластернинг Қишлоқ хўжалиги жамғармаси ва фермерлар олдида қарздорлиги бор. 6 та кластернинг ишлаб чиқариш қуввати йўқ бўлса-да, уларга имтиёзли кредит берилган.
Шундан келиб чиқиб, кластерларни ташкил этиш, улар билан фермерлар ўртасидаги муносабатлар бўйича янги тизим жорий қилиниши белгиланди.
Энди янги кластерларга молиявий кўрсаткичлари, ишлаб чиқариш қувватлари ва техника таъминоти бўйича талаблар қўйилади ва очиқ танлов орқали танланади. Уларда камида икки босқичли қайта ишлаш бўлиши шарт.
Фермерлар бир вилоят ичидаги хоҳлаган кластери билан фьючерс шартномаси тузиши мумкин бўлади. Улар фьючерс шартномасидан ортган ҳосилни биржа орқали сотишига ҳам имконият яратилади.
Шунингдек, келгуси йил ҳосили учун пахта етиштиришга 60 фоиз аванс кўринишидаги имтиёзли кредитлар тўғридан-тўғри фермерларга ажратилади.
Кластерлар эса етиштирилган пахтани сотиб олиш ва терим учун маблағ бериш орқали молиялаштирилади. Чуқур қайта ишлашга ҳам алоҳида маблағлар ажратилади.
Мутасаддиларга кластер ва фермер хўжаликларини молиялаштиришнинг янги тартибини йўлга қўйиш, улар ўртасидаги дебитор-кредитор қарздорликни ҳал этиш бўйича топшириқлар берилди. Кластерларни халқаро молия стандартларига ўтказиш зарурлиги қайд этилди.
Бу йилги пахта ҳосилини тўлиқ қайта ишлаш натижасида 2024 йилда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни 9,6 миллиард долларга, экспортни эса 4,5 миллиард долларга етказиш ҳисоб-китоб қилинган.
Хусусан, Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманида газлама ишлаб чиқариш ва бўёқхоналар ташкил қилиш бўйича 350 миллион долларлик, Қорақалпоғистонда сунъий тола, газлама-мато ва бўяшга ихтисослашган 60 миллион долларлик лойиҳалар бошланган. Бу корхоналар келгуси йил ишга туширилиб, тадбиркорларга саноат ипотекаси асосида берилади. Уларда 1,5 миллиард долларлик экспорт имконияти яратилади.
8 ноя 2023