Президент Шавкат Мирзиёев Тожикистонга расмий ташрифи доирасида Душанбедан Хўжандга келди.
Олий мартабали меҳмонни Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон кутиб олди. Икки мамлакат байроқлари билан безатилган аэропорт ва кўчаларда жамоатчилик вакиллари Президентимизни катта хурсандчилик билан кутиб олди.
Икки мамлакат етакчилари қисқа учрашув ўтказиб, биргаликда Хўжанд яқинидаги "Арбоб" маданият саройига йўл олдилар.
Ўзбекистон ва Тожикистон Президентлари Хўжанд шаҳри яқинидаги “Арбоб” маданият саройига ташриф буюрди. Бу ерда Сўғд вилояти жамоатчилиги вакиллари, зиёлилар, нуронийлар билан учрашув бўлиб ўтди.
Давлатимиз раҳбари халқларимиз ўртасидаги дўстликни қадрлаш, маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантириш ҳақида нутқ сўзлади.
Президентлар «Арбоб» маданият саройини кўздан кечирдилар.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон ҳамроҳлигида “Қайроққум гиламлари” корхонасини бориб кўрди.
Фабрикада бир йилда 3 миллион квадрат метр маҳсулот ишлаб чиқарилмоқда. Давлатимиз раҳбари маҳсулотлар билан танишди.
Навбатдаги объект томон йўл олар экан, давлат раҳбарларининг кортежи Қайроққум сув омбори ёнида тўхтади. Президентлар сув омборини кўздан кечириб, суҳбатлашди.
Ўзбекистон ва Тожикистон Президентлари Сўғд вилояти Ғафуров туманидаги “Вахдати миллат” боғига ташриф буюрди.
Давлат раҳбарлари боғда ташкил этилган Тожикистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари кўргазмаси билан танишди. Мева-сабзавотларни ўзаро етказиб бериш бўйича мутасаддиларга кўрсатмалар берилди.
Шу билан Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга расмий ташрифи якунланди. Давлатимиз раҳбарини Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон кузатди.
10 июн 2021