Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Нас сураси
Маккада нозил бўлган. 6 оятдан иборат. Қуръони Каримнинг охирги сураси бўлмиш бу сураи каримага ҳам унинг биринчи оятдаги «Нас» сўзи ном бўлиб қолган. «Нас» одамлар дегани.
Бу сураи карима ёмонлик билан яхшилик орасидаги курашни тасвирлайди. Шу билан бир вақтда ёмонликдан узоқда бўлишлик ва ундан ғолиб келишликда Аллоҳ таолодан ёрдам сўрашга ундайди.
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
1. Одамлар Роббисидан.
2. Одамлар подшоҳидан.
3. Одамлар Илоҳидан паноҳ сўрайман.
4. Беркиниб, кўриниб турувчи васвасачининг,
5. Одамлар қалбларига васваса соладиганнинг,
6. Жинлар ва одамлардан бўлганнинг ёмонлигидан, деб айт.
Бу сура Қуръони Каримдаги охирги сурадир.
Бу сура Пайғамбар алайҳиссалом кундалик ҳаётда доимий ўқиб юришга тарғиб қилган “икки паноҳ сўралувчи” сураларнинг бири саналади.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Пайғамбар алайҳиссалом ҳар кеча тўшакларига ётиш олдидан икки кафтларини бирлаштириб, у иккисига дам солиб, сўнг “Қул ҳуваллооҳу аҳад”, “Қул аъуузу бироббил фалақ” ва “Қул аъузу бироббинНас” сураларини ўқиб, кейин икки кафтларини баданларидан қўллари етган жойларга суртардилар. Аввал бошлари, юзлари ва баданларининг олд томонидан бошлардилар. Бу ишни уч марта амалга оширардилар.
Сиз ҳам азиз Биродарларим, ухлаш олдидан мазкур сураларни ўқишни ўзингизга одат қилинг. Шунда бирор ёмон туш кўрмайсиз, ҳар хил касалликлар сизга етмайди. Душманлар, сизни ташвишга солиб турган хавф, турли бало-офат, сеҳргарларнинг сеҳри, ҳасадгўйларнинг ҳасади, шайтон васвасасидан омонда бўласиз.
Шуни унутмангки, бу сураларни ўқиш асносида қалбингиз Аллоҳ таолодан бошқа нарсаларга чалғимасин.
21 авг 2024