“Факт ва Фикр”нинг ўтган кўрсатувида тролларнинг асосий етти белгиси ҳақида сўз юритган эдик. Уларнинг сўнгги, еттинчи белгиси “Ҳақиқат ва танқидга қарши сийқаси чиққан, стандарт ибора ва гаплардан фойдаланиши” эди.
Ўзбекистонлик троллар ҳақиқат ва танқидга қарши қандай ибора ҳамда гаплардан фойдаланишади?
Бугунги кўрсатувда ўзбек ҳукуматини танқидлардан ётволиб ҳимоя қилаётган троллар фабрикаси ишлатадиган стандарт иддаоларнинг ОЛДИ-10 талигини эътиборингизга тақдим этаман. Ҳар бир иддаога унинг мантиғидан келиб чиқиб, жавоб қайтаришга ҳам ҳаракат қиламан.
Аслида тролларга жавоб бериш нотўғри иш. Улардан қутилишнинг ягона йўли уларни блоклашдир. Лекин истисно сифатида бу хумкаллаларни уларнинг мантиғи бўйича мот қилиб, кейин блокласангиз ҳам бўлади.
Демак, Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Хавфсизлик Кенгаши, Давлат Хавфсизлик Хизмати, Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти ҳамда Фуқаролик жамиятини ўрганиш институти ўйлаб топган стандарт иддаоларнинг ОЛДИ-10 талигини қарши олинг!
1-ўринда “Президент - яхши, атрофидагилар - ёмон” - деган алжираш. Троллар бу гапни ҳам танқид нишларини президентдан бошқа амалдорларга ўтказиш учун, президентни сувдан қуруқ олиб чиқиш учун ишлатишади. Бу пластинка президент Ислом Каримов давридан бери айлантирилади.
Бу иддаога энг ажойиб жавобни яқинда блогер Санжархўжа берди. У ўз каналида мана бу суратни кўрсатди ва шундай деди:
Кўраётганингиздек, бу суратда президент Ислом Каримов, унинг атрофида эса Бош вазир Шавкат Мирзиёев, ташқи ишлар вазири Абдуллазиз Комилов ва сенатор Содиқ Сафоев акс этган. Демак, “Президент - яхши, атрофидагилар - ёмон” деган гап тўғри бўлса, у даврда Каримов яхши бўлгану, Мирзиёев, Комилов ва Сафоев ёмон бўлган эканлар-да а?!
Мана шу жавоби билан Санжархўжа бу иддаони ёзадиган тролларни мот қилди.
Шуни унутманг, агар қайсидир давлат раҳбари ўз атрофига ёмон кишиларни тўплаган бўлса, демак, у раҳбарнинг ўзи ҳам ёмон. Ҳатто у раҳбар яхши бўлса ҳам, атрофига ёмонларнинг тўпланишига унинг ўзи айбдор!
Ёки нотўғрими?
Наҳотки, президент Ислом Каримовнинг атрофига ёмон вазиру ҳокимларни унинг душманлари Тоҳир Йўлдош ёки Жума Намангоний олиб келган бўлса?!
Наҳотки, президент Шавкат Мирзиёевнинг атрофига ёмон вазиру ҳокимларни унинг душмани Шуҳрат Ғуломов тиқиштириб кетган бўлса?
“Президент - яхши, атрофидагилар - ёмон” - деган иддао сиёсий лақмалар учун ўйлаб топилган чўпчакдир. Лақма бўлманг, азиз ватандошлар!
Нацист Германиясининг тарғибот вазири Йозеф Геббельс: “Тарғиботнинг тарғиботлиги билиниб қолса, тарғиботнинг кучи ва таъсири ўлади” - деган.
Танқидчиларга қарши ўзбек тролларининг сийқаси чиққан, стандарт алжирашлардан фойдаланиши нафақат уларнинг ортида турган идоралардаги мутахассисларининг ғоявий қолоқлигидан, балки ҳукумат тарғиботи яққол билиниб қолганлигидан, бу тарғиботнинг кучи ва таъсири аллақачон ўлиб бўлганидан далолат беради.
Шунга қарамасдан ўзбек троллари ҳақиқат ва танқидга қарши тўзонга айланиб қолган эски кесаклари билан ўзларича жавлон уриб курашишмоқда.
“Факт ва Фикр”нинг навбатдаги, 14-чи сонида ашаддий ўзбек тролларининг ОЛДИ-10 талигини эътиборингизга тақдим этаман.
“Факт ва Фикр” кўрсатувларини кузатиб боринг!
Фактларни ўрганинг ва фикр қилинг!
Бобомурод Абдулла
2021 йил 8 март
8 сен 2024