«Албатта, ҳақиқий мўминлар Аллоҳга ва Унинг Расулига иймон келтирган, сўнгра шубҳа қилмаган ва Аллоҳнинг йўлида моллари ва жонлари ила жиҳод қилганлардир. Ана ўшалар, ўшаларгина (иймонида) содиқлардир» (Ҳужурот сураси, 15-оят). Дунёнинг бугунги ҳолати ҳеч кимга сир эмас. Ўзини ҳақиқий мусулмон деб қолганларни адашганга чиқараётган фитначи бемазҳаблар дунёни бузиб юборишгани инкор этиб бўлмайдиган ҳақиқат саналади. Бундай адашган тоифаларга эргашганларга эътибор берилса, уларнинг аксарининг ақллари ноқис, илмдан узоқ ва кўр-кўрона мутаассиблик қилувчи одамлар эканлиги кўринади. Баъзилари эса қандайдир обрў ёки мол-мулк орқасидан қувган гумроҳ кимсалардир. Яна баъзилари эса аламзада ҳаётда мақсадларига эришолмаган одамлардир. Улар умуман илм ҳам олишмайди, олимни ҳам тинглашмайди.