"Тарихий савол" кўрсатуви
"Ўзбекистон тарихи" телеканали
Соҳибқирон Амир Темур ибн Тарағай Баҳодир (1336-1405) асос солган йирик ва қудратли салтанат. Дастлаб Мовароуннаҳр ва Хоразмда вужудга келган давлат унинг 1380-1402 йиллардаги ҳарбий юришлари натижасида Эрон, Ироқ, Олтин Ўрда, Туркия, Озарбайжон ва Ҳиндистоннинг шимолий қисмигача ёйилди. У барча туркий қавмларни ягона салтанатга бирлаштиришни орзу қилган эди.
Амир Темур Кеш (ҳозирги Шаҳрисабз) шаҳри яқинидаги Хўжа Илғор қишлоғида (ҳозир Яккабоғ тумани ҳудудида) таваллуд топган. Унинг онаси бухоролик Такина хотун, отаси эса барлос уруғининг ва Чағатой улусининг эътиборли бекларидан бири бўлган Амир Тарағай баҳодир эди. Унинг ота-боболари Кеш вилоятида ҳокимлик қилиб келишган.
Амир Темурнинг Мовароуннаҳрни бирлаштириш йўлидаги ҳаракатлари XIV асрнинг 60-йилларидан бошланди. Бу пайтда мамлакатда парокандалик бошланган, у ўнга яқин мустақил бекликларга бўлиниб кетган эди. Чағатой улусининг шарқий қисми - Еттисув ва Шарқий Туркистонда ҳукмронлик қилаётган мўғул хонлари Мовароуннаҳрдаги оғир сиёсий вазиятдан фойдаланиб, бу ерда ўз ҳокимиятларини ўрнатишга ҳаракат қилдилар. Аммо Амир Темурнинг саркардалик қобилияти ва қийин вазиятларда тўғри йўлни топа билиши ўз самарасини берди. Ҳокимиятпараст чингизий бекларга қарши жанглар якунида - 1370 йилнинг 11 апрелида у Мовароуннаҳр амири бўлди. Гарчи анъанага кўра чингизийлардан Суюрғатмишхон мамлакат ҳукмдори деб эълон қилинган бўлса-да, амалда бутун ҳокимият Амир Темур қўлида эди. У катта ғайрат билан мамлакат иқтисодий ва ҳарбий қудратини юксалтиришга қаратилган ислоҳотларни амалга оширди. Бу эса Темурийлар салтанатини дунёдаги энг кучли давлатлардан бирига айлантирди.
Амир Темур ҳукмронлик қилган йиллари унинг давлатига қарашли ўлкалар тўрт қисмга бўлинган: Хуросон, Журжон, Мозандарон ва Сейистон (маркази Ҳирот) - Шоҳрухга, Ғарбий Эрон, Озарбайжон, Ироқ ва Арманистон (Маркази Табриз) - Мироншоҳга, Форс, яъни Эроннинг жанубий қисми (маркази Шероз) - Умаршайхга, Афғонистон ва Шимолий Ҳиндистон (маркази Ғазна, кейинчалик Балх) - Пирмуҳаммадга суюрғол қилиб берилган эди.
Амир Темур Хитой устига ҳарбий юриш пайтида 1405 йил 18 февраль куни Ўтрор шаҳрида вафот этди. Унинг вафотидан кейин ворислар ўртасида ҳокимият учун ўзаро курашлар бошланди. 1405-1408 йилларда Балх, Хуросон, Сейистон, Кермон ва Озарбайжонда темурий шаҳзода ва амирларнинг бир қатор исёнлари рўй берди. 1407 йил 22 февралда Амир Темур томонидан тайинланган валиаҳд Пирмуҳаммад ана шундай ғалаёнлардан бирининг қурбони бўлди. 1408 йил 22 апрель куни қорақўюнли туркманлари етакчиси Қора Юсуф билан бўлган жангда Мироншоҳ ҳалок бўлди. Натижада Озарбайжон ва Ироқ ҳудуди темурийлар қўлидан кетди.
XV асрнинг 20-йилларида бу улкан мамлакат 2 давлатга бўлинган эди. Улардан бири Амударёдан жанубда жойлашган бўлиб, уни Шоҳруҳ бошқарган (маркази Ҳирот). Иккинчиси эса, Амударёдан шимолда - Мовароуннаҳр ва Туркистонда вужудга келиб (пойтахти Самарқанд), уни Улуғбек идора этган.
23 апр 2021