"Кўҳна манзиллар" кўрсатуви
"Ўзбекистон тарихи" телеканали
Ўзбекистон тарихидаги ечилмаган жумбоқларидан бири сифатида Тошкент вилоятининг саноат шаҳри Олмалиқ яқинидаги ерости Қорихона ибодатхонасини мисол қилиб келтириш мумкин.
Қурама тоғ тизмасининг қурғоқчил этакларида жойлашган ёлғиз иншоот илк бор илмий тарзда 1934 йилда таниқли совет академиги Михаил Массон томонидан таърифланган. Олимларга кўра, турли тарихий даврларда ушбу ғаройиб объект маъжусийлар ибодатхонаси, ўрта аср ҳукмдорларининг қасри ҳамда мусулмонлар масжиди бўлган бўлиши мумкин эди. Ташқи кўринишдан атрофдаги тепаликлардан деярли фарқ қилмайдиган, баландлиги 22 метр келадиган қия қўрғоннинг ичкарисида умумий майдони 60Х48 метрли зал ва йўлаклар лабиринти жойлашган. Икки ярусли лабиринт ўзаро тор дарчалар билан боғланган бўлиб, уларга тупроқли пилапоялар орқали чиқиб-тушилади. Марказий хонақонинг вақт таъсири остида чўкиб қолган гумбазини илгари ёғоч тўсинлар кўтариб турган. Хонақодан турли тарафларга қараб роҳибларнинг ҳужраларини эслатувчи чуқур токчали радиал галереялар тарқалиб кетган. Археологик тадқиқотлар давомида моддий топилмалар унчалик кўп чиқмади, шунинг учун ҳам археологлар ва тарихчилар бу хоналар аввали бошдан қандай мақсадда қурилгани борасида бирор якдил фикрга келмадилар. Бироқ улар бу борада бир қатор ажабтовур гипотезаларни кўтариб чиқдилар.
13 июн 2021